НамМТИ талабалари Туркиядаги Карабук университети кутубхонаси ва IT платформасидан фойдаланиш имконига эга бўлдилар

Наманган муҳандислик-технология институти делегацияси айни кунларда халқаро ҳамкорлик доирасидаги ишлар кўламини янги босқичга олиб чиқиш, дунёнинг топ-1000 рўйхатидан ўрин олган олий таълим муассасалари билан янада яқин алоқаларни ўрнатиш мақсадида Туркия Республикасида хизмат сафари билан бўлиб турибди. Токат, Карабук ва Еге шаҳарларидаги университетлар билан музокаралар давом этмоқда.

50 мингдан ортиқ талаба (улар орасида дунёнинг юзга яқин давлатидан келган ёшлар бор) таҳсил олаётган Карабук университети жаҳондаги нуфузли олийгоҳлардан ҳисобланади. Ушбу университетга ташриф асносида илмий ва ўқув йўналишлари бўйича узоқ йилларга мўлжалланган келишувларга эришилди. Жумладан, магистратура босқичида Наманган муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда 1+1 таълим дастурларини очиш, профессор-ўқитувчилар учун ўзаро алмашинув платформаларини ишлаб чиқиш, амалий ва фундаментал лойиҳалар учун ўтказиладиган халқаро грант танловларида биргаликда иштирок этиш бўйича «йўл харитаси» тузилди.

— Туркия давлатига ташрифимиз Наманган муҳандислик-технология институтининг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Хизмат сафари давомида илмий салоҳияти юқори бўлган бир нечта университетлар билан меморандумлар имзолашни режа қилганмиз, — дейди НамМТИ Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Аҳрорбек Турсунов. — Шунингдек, биз бу ердаги илғор технологияларни фаол ўрганмоқдамиз. Наманганга қайтганда, албатта, янги платформаларни ишга туширишни режалаштириб олдик. Энг аввало, Карабук университетининг кутубхонаси билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Амалда ушбу кутубхонадан фақатгина шу университет вакиллари фойдаланишлари мумкин экан. Лекин ҳамкорлик меморандумининг натижаси ўлароқ, эндиликда бизнинг таълим муассасамиз профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчиларимиз, магистрлар ва талабаларимиз ҳам бемалол бу кутубхонадан масофавий фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Шу мақсадда университет кутубхонасининг “Elsevier”, “Springer” ва “KITS” тизимларидаги қарийб миллиондан ортиқ фондига кириш учун махсус логин ва пароллар тақдим этилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Translate »