Ikkinchi ta’limga qabul

Ikkinchi va undan keyingi oliy ma’lumot olish bo‘yicha abituriyentlarni kirish test sinovlari grafigi
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ИККИНЧИ ВА УНДАН КЕЙИНГИ ОЛИЙ ТАЪЛИМНИ ОЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сон Фармонига мувофиқ фуқароларнинг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2022 йил 1 майдан бошлаб кучга киритилсин:

олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб, иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олий таълим муассасаларида мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари ва таълим шаклларида ташкил этиш;

иккинчи ва ундан кейинги олий таълим бўйича қабул параметрларини белгилаш, ўқишга кириш учун белгиланган муддатларда махсус электрон тизим орқали рўйхатдан ўтиш;

иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда ўқув жараёнини ташкил этиш, шу жумладан, ўқиш давомийлигини тегишли бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган муддатдан бир йилга кам этиб белгилаш;

иккинчи ва ундан кейинги олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари ўқув режаси ва фан дастурларини таянч олий таълим муассасалари томонидан турдош олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб алоҳида ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
  2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 24 сентябрь,

606-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 606-сон қарорига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

  1. «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига мувофиқ фуқаролар шартнома асосида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни олиш ҳуқуқига эгадирлар.
  2. Олий маълумотга эга бўлган бакалавр (дипломли мутахассис) даражасига эга шахслар бакалавриат таълим йўналишлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълимни олишлари мумкин.
  3. Олий таълим муассасалари томонидан иккинчи ва ундан кейинги олий таълим мавжуд қувватлари, моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб, муайян олий таълим муассасасида бир йил олдинги қабул параметрларида мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари ва таълим шаклларида ташкил этилади.

2-боб. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга қабул қилишни ташкил этиш

  1. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълим бўйича қабул параметрлари олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти ва моддий-техник базаси ҳисобга олинган ҳолда олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланади.
  2. Олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган қабул комиссиялари (кейинги ўринларда — қабул комиссияси)га иккинчи ва ундан кейинги олий таълим қабулини амалга ошириш вазифаси юклатилади.
  3. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун абитуриентлар ҳар йили 10 июлдан 10 августга қадар (шу куни ҳам) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган махсус электрон тизим орқали рўйхатдан ўтади.
  4. Абитуриентлар рўйхатдан ўтишда махсус электрон тизимга ўзининг шахсий маълумотларини киритади ва қуйидаги ҳужжатларни юклайди:

олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси (ёки дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида ўқиб тугатганлар учун);

олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг илова нусхаси.

Бунда, хорижий давлатлар таълим муассасаларининг 1992 йил 1 январдан кейин берилган дипломлари белгиланган тартибда нострификациядан ўтказилган бўлиши лозим.

  1. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга қабул қилиш тартиби (кириш имтиҳони шакли, баҳолаш мезонлари, имтиҳон ўтказиш муддатлари) олий таълим муассасасининг хусусиятидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланади ва ҳар йили 1 июлга қадар олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
  2. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга қабул қилиш натижалари ҳар йили 30 августга қадар олий таълим муассасалари томонидан эълон қилинади.
  3. Иккинчи ва ундан кейинги таълимда ўқиш учун талабаликка тавсия этилган шахслар билан олий таълим муассасаси ўртасида шартнома расмийлаштирилади.

Шартномалар юридик шахслар учун 3 нусхада, жисмоний шахслар учун 2 нусхада расмийлаштирилади.

Шартнома шартлари, уларни амалга ошириш тартиби ҳамда томонларнинг мажбуриятлари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

  1. Олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим учун тўлов-контракт миқдори бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланади.
  2. Талабаларни ўқишга қабул қилиш шартномада белгиланган тўлов амалга оширилгандан сўнг, олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

3-боб. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда ўқув жараёнини ташкил этиш

  1. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда ўқиш ўқув режаларидаги фанлар фарқидан қатъи назар, 2-курсдан бошланади.

Бунда иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда ўқиш давомийлиги тегишли бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган муддатдан бир йилга кам этиб белгиланади.

  1. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари ўқув режаси ва фан дастурлари таянч олий таълим муассасалари томонидан турдош олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги таълим шакли учун тасдиқланган ўқув режа ва фан дастурларига мувофиқ ҳолда алоҳида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
  2. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда таҳсил олаётган талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
  3. Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда таҳсил олган шахсларга, давлат аттестацияси якунлари бўйича, давлат намунасидаги ҳужжат (диплом ва унинг иловаси) берилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

  1. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
  2. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.09.2021 й., 09/21/606/0911-сон)

Manba: lex.uz

Raqamli ta’lim texnologiyalari markazi | NamMTI

Translate »