+998 69 228 76 71 niei_info@edu.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасини Наманган муҳандислик-технология институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари катта фаоллар зали ҳамда маъруза залларида ўрнатилган экранлар орқали диққат ва чуқур мушоҳада билан тингладик.

Давлатимиз раҳбари 2020 йилни – Илм-маърифат ва рақамли технологияларни ривожлантириш йили, деб эътироф этганлиги юртимизда илм ва таълим масалалари нечоғлик устувор аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.

Мурожаатномани диққат билан тинглаб ўйга толади киши. Хўш, давлат раҳбари нега ёшларнинг таълим олиши, илғор технологияларни жамият ҳаётининг барча жабҳаларига жадал жорий этиш ҳақида астойдил жон куйдирмоқда? Сир эмаски, илғор технологияларни мукаммал эгалламаган мутасаддилар ҳамон топилади. Ёки билими, салоҳияти бўла туриб ўқишга кира олмаётган ёшларимиз ҳали ҳануз кўпчиликни ташкил этиши ҳам бор гап.

Мурожаатномада таълимнинг барча босқичларида ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш мақсадида амалга ошириш зарур бўлган асосий вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Олий таълимда давлат грантлари икки баробарга кўпайтирилиши барчамизни бирдек қувонтирди. Қолаверса, бу иқтидорли талабаларни олий таълимга кенг жалб этиш ва ўз навбатида уларни рағбатлантиришга хизмат қилади. Айниқса, қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратилиши эътирофга моликдир.

Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилади, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади. Энди аниқ ва табиий фанларга йиллар давомида, хусусан, жорий йилда математика, химия-биология, геология фанларига тадрижий эътибор қаратиладиган бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳига нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шартлиги устувор топшириқ сифатида белгиланди.

Институтимизда Россия, АҚШ, Португалия, Покистон, Малайзия, Ҳиндистон, Голландия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Беларусь каби давлатлардаги 20 дан зиёд олийгоҳлар билан илмий ва амалий ҳамкорлик қилинмоқда. Энди бундай ҳамкорликнинг натижадорлиги, амалий жиҳатларига ҳам эътиборни янада кучайтириш фурсати етди.

Давлатимиз раҳбари томонидан коррупцияни илдизи билан қуритиш мақсадида таклиф этган “ҳалоллик вакцинаси” хусусидаги фикрлари ҳар бир юртдошимизни жиддий мушоҳада юритишга ундайди. Тўғриси, иқтисодий, моддий манфаатдан кўра виждон амри билан иш тутиш ҳар қандай одамни хотиржам, ишидан, ўз фаолиятидан кўнгли тўқ бўлишида, ишнинг унумдорлигини таъминлашда устувор ўрин тутади. Бу вакцина қалбларни тўғри йўлга бошлайдиган виждоннинг бир бўлаги, десак тўғри бўлади.

Ушбу долзарб масала биз олий таълим соҳаси мутасаддиларини ҳам янада огоҳ, ҳушёр ва ўта масъулиятли бўлишга ундайди. Бу, ўз навбатида, институтимиз профессор-ўқитувчисидан тортиб, талаба-ёшларгача жиддий масъулият билан ёндашишлари, олий таълимни коррупциядан ҳоли тизимга айлантиришда жонбозлик кўрсатишларини тақозо этади.

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросига катта масъулият билан ёндашиш ҳар биримизнинг фаолиятимизда дастуриламал масалага, виждон амрига, фуқаролик бурчимизга айланмоғи лозим.

Одилжон МАМАТКАРИМОВ,

Наманган муҳандислик-технология институти ректори