+998 69 228 76 71 niei_info@edu.uz

Наманган муҳандислик технология институти катта мажлислар залида “Ўқитувчилар, ходимлар ва талаба ёшларнинг муомаласи ва кийинишига қўйиладиган талаблар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида институтда фаолият юритаётган жами 43 нафар ўқитувчи ва ходимлар қатнашди. Йиғилиш кун тартибидан институт ўқитувчилар, ходимлар ва талаба-ёшларининг муомаласи ва кийинишига қўйиладиган талаблар, хотин-қизлар қўмитаси фаолияти ролини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари, психолог тавсиялари, шунингдек, жамоат ишлари ва ўқиши давомида шахсий намуна кўрсатган талаба-қизлардан иборат “Қизларжон” клубини ташкил этиш каби масалалар ўрин олди. Давра суҳбатини ёшлар билан ишлаш бўйича проректор М.Қаюмов кириш сўзи билан очиб бериб, бугунги кунда институт хотин-қизлар бошланғич ташкилоти фаолиятидаги долзарб вазифалар, ташкилотнинг талаба ёшлар билан иш олиб боришдаги энг асосий масалалари, шунингдек, талабалар турар жойидаги умумий аҳвол  тўғрисида тўхталди. Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор ўқитувчилар, ходимлар ва талаба-ёшларнинг муомаласи ва кийинишига қўйиладиган талаблар тўғрисида гапириб ўтди. Жумладан, институт ректори О.Маматкаримов институт хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти фаолиятининг иш самарадорлигини ошириш борасидаги энг долзарб масалаларга оид  тавсиялар берди: Ўқитувчилар ва ходимлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш, “Енгил саноат технологияси”, “Муҳандислик технологияси” ва “Кимё технологияси” факультетлари талаба қизлари орасидан энг фаол талаба қизлардан факультет Қизлар раисини сайлаш, айниқса, аёл ўқитувчиларнинг ҳар бирига қизлардан бириктириб, гуруҳлар асосида иш олиб бориш, талаба қизларнинг оиласини ўрганиш, “Оналар мажлиси” ўтказиш  катта самара беради. Институт ректори О.Маматкаримов ўз сўзида давом этар экан бугунги кунда ташвишли ва таҳдидли ходиса сифатида эътироф этилаётган оммавий маданиятнинг авж олиши маънавий ҳаётимизга жиддий хавф солаётган иллатлиги, шунинг учун ҳам ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, тубан оммавий маданият хуружларидан ҳимоя қилишга доир комплекс чора тадбирлари амалга ошириш масаласи тўғрисида сўз юритиб ўтди.