Наманган муҳандислик-технология  институтида Президентимизнинг “Бешта муҳим ташаббуси” доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Наманган вилояти  бошқармаси бошлиғи Раҳимжон Ирисов ҳамда Жиззах педагогика институти  кафедра мудири, фалсафа фанлари доктори, машрабшунос олим Мўмин Хошимхонов иштирокида тарғибот тадбири  ўтказилди. Тадбирни институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректор М. Каюмов очиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, олий таълим сохасида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар тўғрисида фикр юритди. Президентимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама етук мутахассислар бўлиб етишишлари учун яратилаётган шароитлар, ҳамда “Бешта муҳим ташаббус” доирасида китобхонликка, юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар ижодини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.   

Шундан сўнг Р.Ирисов сўз олиб, вилоятимиздан етишиб чиққан Б. Машраб, Н. Намангоний, Ибрат ва бошқа ижодкорларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳусусида маълумот берди.. Шунингдек, ўзининг ижод намуналаридан шеърлар ўқиб берди.

Бобораҳим Машраб фаолияти борасида илмий изланишлар олиб борган ва бу борада ўз ютуқлари билан илм-фан хазинасига бир қатор монографиялари билан ҳисса қўшган машрабшунос олим М.Хошимхонов ўз сўзида йиғилганларга Б. Машрабнинг ҳаёти ва фаолиятига оид қизиқарли маълумотларни тақдим этди.  Шунингдек, М.Хошимхонов сўзининг сўнгида Машрабнинг ғазалларидан ўқиб, мазмун моҳиятини таҳлил қилиб берди. Тадбир снгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларини бердилар ҳамда меҳмонларга қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдирдилар.