Наманган муҳандислик-технология институтида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Голландиянинг “Elsevier” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Илм-фан 2020” миллий дастури лойиҳасида “CiteScore” юқори бўлган илмий журналларга халқаро стандарт талаблари асосида мақола ёзиш” мавзуида ўтказилган илмий амалий семинар-тренинг бўлиб ўтди.

            Тадбир аввалида НамМТИ ректори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Одилжон Маматкаримов сўзга чиқиб, мамлакатимизда кейинги икки йил ичида олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, уларни дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилишини таъминлашга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлади.

            Айниқса, Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

            Вилоятда илк маротаба ташкил этилган мазкур семинарда “Elsevier” компаниясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича директори Алия Оспанова, компаниянинг Ўзбекистондаги координатори, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходими Дилноза Алланазарова Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва илмий тадқиқотчиларига “Scopus” ва «ScienceDirect» халқаро илмий маълумотлар базасига мақолалар ёзиш ва жойлаштириш тартиби ҳақида батафсил тўхталдилар.

            Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 мартдаги “Халқаро Ривожлантириш Ассоциацияси иштирокидаги олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Голландиянинг “Elsevier” компанияси ҳамкорлигида “Илм-фан 2020” миллий ривожланиш дастури ишлаб чиқилди.

            Ушбу дастур мамлакатимиздаги олий таълим муасссалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини янада кенгайтирини назарда тутади.

            Маълумот ўрнида, “Elsevier” компанияси фан, таълим ва тиббиёт соҳасида инновацион ечимларни ва маҳсулотларни таклиф этадиган жаҳондаги энг йирик нашриётлардан бири ҳисобланади. Компания қароргоҳлари Амстердам, Лондон, Нью-Йорк шаҳарларида жойлашган бўлиб, бутун дунё бўйлаб 70га яқин филиалларига мавжуд.

            Нашриёт “Reed Elsevier” медиа-холдингнинг бир қисми бўлиб, у жаҳоннинг энг йирик 500 та компанияси рўйхатига киради. 2 минг 500 дан ортиқ журналлар, 20 мингга яқин китоб ва маълумотларни чоп этади. Нашриётда “Scopus” илмий нашрлар ва иқтибос келтириш маълумотлар базасини олиб боради. “Science Direct” илмий нашрларни тарқатиш тизимини ривожлантиради. Миллий ривожланиш дастури доирасида юртимиздаги илмий журналларни “Scopus” ва «ScienceDirect» халқаро илмий маълумотлар базаси тизимига киритиш, ёш олим ва докторантларга мақолалар тайёрлаш ва уларни нуфузли нашрларда чоп этишига кўмаклашиш режалаштирилган.