2019 йил 21 октябр куни институтда  “Кимё, озиқ-овқат ва кимёвий технологияларни такомиллаштиришда инновацион ғоялар” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Конференция аввалида сўзга чиққан Наманган муҳандислик-технология институти ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Одилжон Маматкаримов юртимизда, хусусан Наманган вилоятида кимё, озиқ-овқат  саноатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 май куни пойтахтимизда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан бўлган учрашувида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларида белгилаб берилган вазифаларга эътиборни қаратди.

Мазкур конференцияда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари академик-олимлари, професор-ўқитувчилари, мутахассислари, тадқиқотчилари, иқтидорли талабалари томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Айниқса, И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети профессори, к.ф.д. Г.А. Ихтиярова, Тошкент давлат техника университети профессори, к.ф.д. Р.Исмоилов, Фарғона политехника институти доценти, т.ф.н. Б.Усманов, Наманган давлат университети профессори, к.ф.д., Ш.Абдуллаев, Наманган муҳандислик-қурилиш институти профессори, т.ф.д. И.Шамсиддиновлар эришилган ютуқлар, соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатаётган муаммолар ҳақидаги аниқ таклифлар, мулоҳазага бой чиқишларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Конференциянинг ялпи ва шўъба мажлисларида кимё фанини ўқитишда инновацион-педагогик технологиялар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни қайта ишлашда инновацион технологиялар, инновацион ғоялар ва янги технологияларни жорий этиш орқали кимё саноати самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ҳамда қайта ишлашда замонавий инновацион ғоялар йўналишларида атрофлича сўз юритилди.