+998 69 228 76 71 niei_info@edu.uz

Олий таълим муассасаларида ўқитиш ихтиёрилик принципи асосида икки томоннинг ўзаро келишувига кўра амалдаги тартибга мувофиқ олиб борилади.

Пандемия муносабати билан олий таълим муассасаларида масофавий ўқитишни барча таълим шаклларида олиб бориш бўйича дастлабки тажриба нисбатан қисқа муддат ичида, 2019/2020 ўқув йилининг иккинчи семестридан жорий қилинди. Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини узлуксиз давом эттириб, талабаларга ўқув йилини (курсни) якунлашга имконият яратиш ҳамда уларнинг билим олиш фаолиятини масофадан туриб методик қўллаб-қувватлаш мақсадида масофавий ўқитиш платформалари ишга туширилди.

Қисқа муддатда ҳам техник жиҳатдан, ҳам дастурий таъминот ва ресурсларни шакллантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Албатта буларнинг замирида молиявий харажатлар туради, дунё тажрибасида ҳам янги форматдаги ўқув жараёнини ташкил этиш дастлабки босқичларда каттагина ресурсларни сарфлашни тақозо этади. Зеро, мақсадимиз талабаларнинг ўқув жараёнини методик қўллаб-қувватлаш орқали уларни зарурий билимлар олишларини таъминлаш.

Амалий машғулотлар ҳам фанларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб масофадан туриб олиб борилди. Масофавий бажариш имкони йўқ лаборатория ишлари пандемия тугагандан кейин ўтказилиши режалаштирилди. Шунингдек, турли сабабларга кўра масофавий таълим олмаган талабаларга пандемия тугагандан кейин ўқишларини анъанавий шаклда давом эттиришга ва фанларни ўзлаштиришларига имкон берилмоқда, яъни бу талабаларга ҳам кейинги курсда ўрнатилган муддатларда ўқишни давом эттиришга имконият яратилади.

Олий таълим муассасаларида ўқитиш ихтиёрилик принципи асосида икки томоннинг ўзаро келишувига кўра амалдаги тартибга мувофиқ олиб борилади. Бунда, талабалар олий таълимнинг меъёрий талабларига, ўзлари имзолаган шартнома шартларига амал қилган ҳолда дарсларни ўз вақтида ўзлаштиришлари, ўз навбатида таълим муассасалари уларга сифатли таълим олиш учун зарур шарт-шароит яратиб бериши лозим. Давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабаларни ўқитиш билан боғлиқ ҳаражатлари давлат бюджети маблағлари, контракт асосида таҳсил олаётган талабаларга контракт тўловлари ҳисобига амалга оширилади.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тўлов-контракт асосида ўқитиш миқдорларини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокамалар марказига чиқмоқда. Ҳамюртларимиз учун янада тушунарли бўлиши мақсадида олий таълим муассасаларида ўқитишнинг минимал харажатлари тўғрисида аниқ мисолларни ортиқча изоҳларсиз келтириб ўтсак, хулоса чиқаришни эса юртдошларимизнинг ўзига қолдирамиз.

Демак, бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги таълим шаклида бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатининг энг кам миқдори (стипендиясиз) 9,3 млн.сўмни ташкил этмоқда.

Жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 7,9 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 85,4%), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 14,6%) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 2,8%).

Амалда эса базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз)
6,4 млн.сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий сақлаш харажатларининг 69% ни қопламоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар бир базавий тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар ўқитишнинг минимал харажатлари учун тўловларни 2,9 млн.сўмга кам тўламоқда. Мазкур харажатлар олий таълим муассасалари томонидан оширилган (“супер”) контракт ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиб келинмоқда.

Маълумот учун: ҳисоб-китоблар бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларнинг 80% дан ортиғи ўқиётган таълим йўналишларига тегишли.

Шу билан бир қаторда, санъат таълим йўналишларида ўқитиш харажатининг энг кам миқдори 21,9 млн.сўмни ташкил этгани ҳолда, жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 20,5 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 93,8%), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 6,2%) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 1,2%), базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 7,8 млн.сўм этиб белгиланган бўлиб, харажатларнинг 35,5% ни қопламоқда.

Ҳудди шундай соғлиқни сақлаш таълим йўналишларида ҳам ўқитиш харажатининг энг кам миқдори 13,5 млн.сўмни ташкил этгани ҳолда, жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 12,1 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 90,0%), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 10,0%) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн.сўм (умумий харажатга нисбатан 2,0%), базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 9,1 млн.сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий сақлаш харажатларининг 67,4% ни қопламоқда.

Юқорида келтирилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олий таълим муассасалари харажатларининг асосий қисми профессор-ўқитувчи ва ходимлар иш ҳақларига тўғри келмоқда. Белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорлари эса иш ҳақларини қоплаш учун етмайди.

Республикада пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин чекловлари даврида олий таълим муассасаларининг барча профессор-ўқитувчи ва ходимларига белгиланган тартибда иш ҳақлари, жумладан талабаларга стипендия тўловлари ҳам тўлаб келинмоқда.

2020 йилнинг 1 апрелидан профессор-ўқитувчилар масофавий иш режимига ўтган ҳолда тасдиқланган фан дастурлари асосида белгиланган дарсларни онлайн кўринишида ўтиб,белгиланган ўқув ва методик юкламаларини бажарди. Олий таълим муассасалари талабалар учун масофавий (онлайн) таълим бериш жорий этилганлиги муносабати билан уни ташкил этиш учун қўшимча техник ва методик таъминот яратилди.

Янги ўқув йили қайси шаклда бошланишидан қатъий назар: анъанавий ёки масофвий шаклда бўладими, олий таълим муассасалари томонидан талабаларнинг сифатли таълим олишларини таъминлаш учун зарур ишлар олиб борилади. Бу борада орттирилган тажриба ва йўл қўйилган камчиликлардан хулоса қилинган ҳолда, барча ресурслар ишга солинади.

Пандемия муддатлари узайтирилиб, ўқиш онлайн тарзда давом эттирилган ҳолатда ҳам, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган талабалар ва уларнинг ота-оналари хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган ҳар бир талабага муассаса маъмурияти томонидан индивидуал ёндошган ҳолда имоният яратиб берилади.

Олий таълим муассасалари олий маълумот олиш истагида бўлган ёшларимизнинг танловини ҳурмат қилган ҳолда, уларнинг малакали мутахассис бўлишларини таъминлаш учун олий таълим тизимида мавжуд барча имкониятларни сафарбар этади.

Manba: Axborot xizmati