+998 69 228 76 71 niei_info@edu.uz

23 июнь куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Наманган шаҳрига хизмат сафари билан ташриф буюрди. Вазир Наманган муҳандислик-технология институтида олимлар, педагог кадрлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди.

Учрашув давомида Наманган вилоятида фаолият юритаётган олимларнинг фаолиятига доир масалалар ва таклифлари ўрганилди. Иқтисодиётимиз ва жамиятимиз олдида турган аниқ муаммоларнинг ечилишига қаратилган илмий тадқиқотларни янада кенгайтириш, мукаммаллаштириш юзасидан фикр алмашинилди. И. Абдураҳмонов олимларга илмий лойиҳалар мавзуларини шакллантиришда ҳудуддаги ечилмаган муаммоларга қаратилишини таъкидлади.

Ҳозирда Наманган вилояти бўйича илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ҳудуд олимлари томонидан Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган умумий қиймати 3 271,5 млн. сўмлик жами 14 та илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан: 4 та фундаментал, 9 та амалий ва 1 та инновацион лойиҳалардир.

Вазирлик томонидан 2018 йилда ҳудуддаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган йиллик молиялаштириш ҳадми 0,6 млрд. сўм бўлган 2 та мавзу бўйича давлат буюртмаси эълон қилинган. Булар «Сув ресурслари ва минерал ўғитларни тежовчи гидрогель полимерини ишлаб чиқиш ҳамда янги турларини синтез қилиш» мавзусидаги амалий лойиҳа ҳамда «Тўқимачилик, тикув-трикотаж маҳсулотлари брендини шакллантириш ва мода индустриясини ривожлантиришнинг маркетинг стратегиясини яратиш» мавзусидаги инновацион лойиҳадир. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишдан кўзланган мақсад Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда самарали бўлган янги технологияларни ишлаб чиқариш ва вилоятда жадал ривожланаётган текстиль саноатининг маркетинг стратегиясини яратишдан иборат.

Танловлар натижаларига кўра, 2019 йилда Наманган муҳандислик-технология институтидан тех.ф.н., доцент Дониёр Шерқўзиев раҳбарлигидаги «Сув ресурслари ва минерал ўғитларни тежовчи гидрогель полимерини ишлаб чиқиш ҳамда янги турларини синтез қилиш» мавзусида бажарилиши икки йилга мўлжалланган амалий лойиҳа йиллик 300 млн. сўм ҳажмида, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтидан тех.ф.д. (PhD) Дилором Ҳакимова раҳбарлигидаги «Ҳимоя матоларидан рақобатбардош махсус кийимлар тўплами ишлаб чиқариш технологиясини яратиш» мавзусида бажарилиши икки йилга мўлжалланган инновацион лойиҳа йиллик 300 млн. сўм ҳажмида молиялаштирилди.

Шунингдек, 2020 йилда Наманган давлат университетидан филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Ботир Жафаров раҳбарлигидаги «Ўзбек фольклорининг ўзбек ва инглиз тилларидаги веб-сайти ва мультемедиа маҳсулотини яратиш» мавзусида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа йиллик 450 млн. сўм ҳажмида молиялаштирилди.