Ассалому алайкум, ҳурматли жамоамиз аъзолари ва азиз талабалар!

Бугун бутун халқимиз ўз бошидан синовли кунларни катта сабр билан ўтказиб, кўринмас ёвга қарши кураш олиб бормоқдалар. Бу борада муҳтарам Президентимиз, Ҳукуматимиз, вилоятимиз раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари кунни кун, тунни тун демай ўз жонларини хатарга қўйиб меҳнат қилиб келмоқдалар.

Шулар қаторида бизнинг жамоамиз аъзолари ҳам ўзаро бирдамликда, ўз оиласи ва яқинларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда масофадан туриб ўз вазифаларини адо этмоқдалар.

Сизларнинг жонбозлигингиз ва интизомингизни юксак қадрлаган ҳолда ушбу балони тезроқ баратараф этишда оилангиз ва яқинларингиз билан биргаликда кўмак беришингизни илтимос қиламан.

Хабарингиз бор, бу касалга чалинганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Биринчидан, бунга баъзи аҳолимизнинг ўз соғлиғига бефарқилиги сабаб бўлса, иккинчи томондан касалликни яшириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунинг учун, оилангиз ёки яқинлариз орасида иситма кўтарилиш, қуруқ йўтал аломатлари ҳақида хабар топсангиз, тезкорлик билан шифокорларга хабар беришингизни сўрайман. Ушбу хабарни жамоамиздаги ҳар бир раҳбар ва гуруҳ мураббийлари ўз қўл остидаги ходимлар ва талабаларга етказишса, ўз навбатида улар ҳам ўз яқинларига бу ҳақда тушунтириш ишларини олиб боришса, бу балони кенг тарқалмай тезроқ даф бўлишига улкан ҳисса қўшган бўладилар.

Қолеверса, ўзимизни ва яқинларимизнинг соғлиғини асраб қолиш ўз қўлимизда. Айни синовли кунларда барчамиз янада сабрли, масъулиятли ва фидоий бўлайлик!

Ҳурмат билан,

Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори.