Доно халқимизда “Ҳашар-элга ярашар” деган пурмаъно ҳикмат бежиз айтилмаган. Ҳар йили уйғониш, яшариш фасли бўлмиш навбаҳор, қадимий ва гўзал айёмимиз Наврўзи олам арафасида кўча-кўйлар, маҳаллаларни обод қилиш, ён-атрофни озода, покиза, тартибли, саранжом ҳолга келтириш ўзгача бир анъанага айланиб қолган.

Ўзбекистон Ҳукуматининг 136-Ф-сон фармойишига кўра, шу йил 14-15-март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Обод юрт” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжихатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтиришга қаратилган умумхалқ ҳашари Наманган муҳандислик-технология институтида ҳам юксак уюшқоқлик ва кўтаринкилик билан давом этмоқда.

10,6 гектар майдонга тенг ҳудудда ташкилланган ҳашарда олийгоҳнинг барча факультетлари, кафедра аъзолари, профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар, талаба-ёшлар енг шимариб, фаоллик билан қатнашмоқдалар.

4 минг 350дан зиёд дарахтлар оқланиб, шакл берилди. 7,5 минг тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди. 2,4 километр масофадаги ариқ ва лотоклар тозаланди. Институт ҳудудларида янги ниҳол ва гул кўчатлари экилди. Ўқув бинолари, спорт иншоотлари, талабалар турар-жойи атрофлари ҳам ободонлаштирилмоқда.

Институт ректори Одилжон Маматкаримов бошчилигида ташкилланган ҳашарнинг дастлабки кунида 160 нафардан ортиқ институт ходимлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда 520 нафар кўнгилли талабалар умумхалқ хайрия ҳашарида иштирок этди. Шунингдек, ўнлаб талаба-ёшларимиз “Ёшлар хиёбони”да ўтказилган экологик ҳашарда ҳам фаоллик кўрсатдилар.

Наврўз байрами арафасида ўксик қалбларга хурсандчилик олиб кириш, меҳрга муҳтож кишиларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 8 нафар ёлғиз кекса, ногиронлиги бор кишилар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.

Институтда умумхалқ хайрия ҳашари қизғин давом этмоқда.

Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати.